ТОШКЕНТ, 6 фев - Sputnik. Тошкент давлат шарқшунослик университетида 5-6 февраль кунлари "Алишер Навоий мероси дунё шарқшунослари нигоҳида" мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Ушбу конференцияда қатнашиш учун дунёнинг 14 мамлакатидан 130 дан ошиқ мурожаатлар бўлди.
Конференция таҳрир ҳайъати томонидан конференция мавзуси, ахборот хатида келтирилган йўналишлар доирасида, ҳар томонлама талабларга жавоб берадиган мақолалар сараланиб, кенгашларга ажратилди.
Конференциянинг биринчи очилиш куни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Бош котиби ўринбосари, Турксой ташкилоти бош котиби ўринбосари; Туркия, Эрон, Озарбайжон, Афғонистон давлатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчилари, Анқара, Мармара, Анқара Хожи Байрам Вали, Аллома Таботабоий университетлари ректорлари; Қозоғистон Миллий Фанлар академияси Р.Б.Сулаймонов номидаги шарқшунослик институти директори; Қозон Федерал университети, Кобул Давлат университети проректорлари иштирок этдилар.
Тадбирнинг иккинчи куни 6-февралда конференция беш кенгашида ўз ишини давом эттирди. Конференция пандемия шароитида ўтказилаётгани учун асосий иштирокчилар ZOOM орқали иштирок этдилар.
Конференцияда Афғонистон, Миср, Тожикистон, Эрон, Туркия, Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг турли олийгоҳларидан профессор ва тадқиқотчилар ўз маърузалари билан қатнашдилар. Тадбир давомида Навоий ижодининг хорижда ва Ўзбекистонда ўрганилаётган турли жиҳатлари кўриб чиқилди. Хусусан, Мисрда Навоийнинг қарашлари, Хитойнинг Шинжон Автоном Республикасида босилиб чиққан Навоий бўйича асарлари, Туркияда Навоийнинг Усмонли адабиётга қўшган ҳиссаси, Тожикистонда Навоий шеърий жанрлари, Хиндистонда Навоий асарларининг тадқиқ этилиши шулар жумласидандир.
Маърузачилар орасида Туркия, Миср, Қозоғистондан навоийшунос мутахассислар иштирок этдилар. Улар адиб асарларидаги тил ўзгачаликлари, луғат бойлиги, услуб масалалари билан боғлиқ маърузалари билан қатнашдилар. Маърузалар ўзбек, турк рус ва инглиз тиллари тингланди.
18 Июл 2019, 13:31
Маърузачилар Навоий асарларининг манбалари, матнлари устида тадқиқот олиб бориш, уларни илмий муомалага киритиш бўйича маърузалар тингланди. Жумладан, профессор Р.Баҳодиров Англияда сақланаётган Навоий қаламига мансуб қўлёзмалар тўғрисида маъруза ўқиб берди. Ушбу қўлёзмалар электрон нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш, уларни илмий тадқиқот институтлари мутахассислари орқали илмий нашрга тайёрлаш бўйича қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашдилар.
Профессор А.Мадраимов эса қўлёзмаларга ишланган миниатюралар ва уларнинг ўз даври ижтимоий ва маданий муҳитини ўрганишдаги аҳамияти тўғрисида маъруза қилдилар. Фалсафа доктори (PhD) С.Болтабоев эса қўлёзма манбаларнинг илмий транскрипцияга ўгиришнинг муаммоли ўринлари ва ечимлари тўғрисида тўхталиб ўтди. Доцент А.Алимбеков Навоийнинг туркларга таъсири масаласи тўғрисида “Бир турк достони”ни гапириб ўтди. Тадқиқотчи О.Мадалиева эса Навоий девонлари ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида қимматли маълумотларни айтиб ўтдилар. Тингланган барча маърузалар бир-биридан қизиқ бўлиб, савол-жавобда бу фикрлар ўз тасдиғини топди.
Кенгаш мажлисида ТДШУ профессори М.С.Имомназаровнинг "Маънавий камолот эҳтиёжи ёхуд инсоният маънавий такомилида Алишер Навоий назарий қарашларининг аҳамияти", ЎзР ФА Механика институти доценти М.Сафарбоевнинг "Ваҳдат ул-вужуд" Навоий ва Огаҳий мисолида", ТДШУ доценти Р.Ҳ.Шариповнинг "Бадиий тафаккур сир-синоатлари" мавзусидаги маърузалари иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Шўъба мажлиси муҳокамаларида қатнашган ф.ф.д. проф. Б.Каримов Алишер Навоий асарларини англашда ўрта туркча муҳим аҳамият касб этиши, туркий тилларда ҳозирги кунда 300 млн.га яқин киши сўзлашаётгани, туркий тилнинг араб тили сингари дунё тилига айланиши учун ўрта туркчага эҳтиёж борлигини таъкидлади.