ТОШКЕНТ, 5 фев - Sputnik. Айни пайтда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашининг навбатдан ташқари 26-сессиясида давлат раҳбари Хайрулло Бозоровни вилоят ҳокими лавозимига тавсия қилди.
"Давлат раҳбари 2020 йил сентябрь ойидан буён Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Хайрулло Бозоров номзодини Фарғона вилояти ҳокими лавозимига тавсия этди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Хайрулло Бозоров Фарғона вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди", - дейилади президент матбуот-хизмати хабарида.
Президент Фарғона вилояти ҳокими лавозимига номзоди тасдиқланган Хайрулло Бозоров ҳақида фикр билдираркан, хусусан, шундай деди: "Фарғонага тажрибали, ўзига тўқ одам керак, истараси иссиқ одам керак. Бу халққа муносиб бўлиш жуда оғир, ниҳоятда оғир. Наманганда қилган ишларингиз тарихда қолди. Энди бу вилоят ривожи учун ҳар куни изланишда бўлишингиз зарур. Фарғонадаги амалдорларни кечагидек ишлашга қўймайман", дея таъкидлаган. Президент сўзларида "Дарё" нашри иқтибос келтирган.