Арипов Мишустинга шахсий ташаббуси ва ёрдами учун миннатдорлик билдирди

Арипов Мишустинга Ўзбекистонда солиқ ислоҳотлари ва маҳсулотларни маркировка қилишда кўрсатган шахсий ёрдами учун миннатдорлик билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 фев - Sputnik. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Михаил Мишустинга солиқ ислоҳотлари бўйича ёрадми учун миннатдорлик билдирди. 
"Сизнинг ташаббусингиз билан Ўзбекистонда биз солиқ ислоҳотини бошладик. Россия гранти ва техник ёрдами туфайли биз ушбу улкан институционал тадбирнинг биринчи босқичини якунламоқдамиз", - деди Арипов Олма-Отада бўлиб ўтаётган ЕОИИ ҳукуматлараро учрашуви доирасида.
Арипов ва Мишустин Олма-Отада нималар ҳақида суҳбатлашди - видео
Абдулла Арипов айтишига қараганда Ўзбекистон солиқ хизматлари раҳбарлари яқинда ҳамкорликнинг биринчи босқичини тугатишган. 
"Бизнинг солиқ хизматимиз раҳбари менга яқинда ҳисобот берган эди. Солиқ ислоҳотлари борасида Россия билан ҳамкорлик қилиш муваффақиятли кечмоқда. Ушбу ҳамкорлик жуда яхши натижа бермоқда. Ўзбекистон иқтисодини мувофиқлаштиришда ва солиқ тизимининг тўлов хусусиятини оширишга хизмат қилмоқда. Бунинг учун биз сиздан жуда миннатдормиз", - деди Абдулла Арипов. 
Ундан ташқари Ўзбекистон бош вазир Мишустинга Ўзбекистонда бугунги кунда амалга оширилаётган яна бир жараён - тамаки ва алкогол маҳсулотларини маркировка қилишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди. 
"Бу борада ҳам сиз ўзингиз шахсан ёрдам берган эдингиз ва ёрдам бермоқдасиз - алкогол, тамаки маҳсулотларини, дори воситалари ва электроникани маркировка қилишда. Барча йўналишлар бўйича актив фаолият олиб борилмоқда", - деди бош вазир.   
Эслатиб ўтамиз, бугун Олма-Ота шаҳрида Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси илк бор иштирок этмоқда. 
Маълумот учун, Михаил Мишустин 2020 йилнинг январ ойида Россия бош вазири лавозимига тайинланишига қадар (2010 йилдан бошлаб) Россия Федерал Солиқ хизмати раҳбари лавозимида ишлаб келган эди.