Арипов ва Мишустин Олма-Отада нималар ҳақида суҳбатлашди - видео

Мишустин Россия-Ўзбекистон савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш ҳақида топширииқ олганини айтди.
Sputnik
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Олма-Отада бўлиб ўтган ЕОИИ ҳукумат раҳбарлари учрашуви доирасида Россия бош вазири Михаил Мишустин билан учрашди. 
Икки давлат ҳукумат раҳбарлари Шавкат Мирзиёевнинг Россияга режалаштирилаётган давлат ташрифи, ҳамда Ўзбекистон ва Россия орасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми ва бошқа масалалар борасида фикр алмашишди. 
Михаил Мишустин айтишига кўра, икки давлат орасида савдо айланмаси 2020 йил давомида 17%га ошиб 5,3 миллиард долларни ташкил қилган. 
Ундан ташқари, Мишустин Ўзбекистон билан аҳолини оммавий вакцинация қилиш борасида ҳамкорлик қилишдан умидвор эканини хабар қилди ва ушбу йўналишда ишлар олиб борилаётганини маълум қилди. 
Ўз навбатида Абдулла Арипов Михаил Мишустиннинг шахсан ўзи ва  Россиялик мутахассислар Ўзбекистонда солиқ ислоҳотлари ўтказиш ва тамаки ва алкоголли маҳсулотларни маркировка қилишда қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди. 
Ундан ташқари Арипов "Класс" лойиҳаси доирасида Россия томонидан Ўзбекистонга кўрсатилаётган гуманитар ёрдам учун миннатдорлик билдирди. Ушбу лойиҳа Республикада рус тилини ўргатиш сифатини оширишга қаратилган. 
Учрашув тафсилотлари билан виделавҳамизда танишинг.