ТОШКЕНТ, 4 фев — Sputnik. Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко ва Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадов президент Шавкат Мирзиёевнинг Россияга бўлажак давлат ташрифига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилди.
Россия ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув бугун, 4 февраль куни бўлиб ўтган.
“Олий даражадаги қўшма тадбирлар, жумладан, Ўзбекистон республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига бўлажак ташрифига тайёргарлик жараёнига алоҳида эътибор қаратилди”, - дейилган хабарда.
Бундан ташқари, томонлар Росссия ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг иккинчи мажлисига тайёргарликни муҳокама қилишган.
Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи 2020 йилда режалаштирилган эди, аммо коронавирус пандемияси туфайли 2021 йилга кўчирилган. Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев бу имзоланиши кўзда тутилган кенг кўламдаги ҳужжатлар тўплами устида янада синчковлик билан ишлаш имкониятини яратишини таъкидлаган эди.