Ҳар бир партия ўз дастурий мақсадларини илгари суриши муҳим - президент

Президент ҳузуридаги учрашувда ҳар бир партия ўз дастурий мақсадларини Парламентга фаол олиб чиқиши, қонунчилик ташаббусларини илгари суриши муҳимлиги қайд этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 фев - Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 2 февраль куни Ўзбекистон сиёсий партиялари раҳбарлари билан учрашди.
Мулоқот чоғида ислоҳотларни амалга оширишда, жамият ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда партиялар ўрни ва ролини ошириш масалалари муҳокама қилинди. 
Ҳар бир партия ўз электорати билан ишлаши, дастурий мақсадларини Парламентга фаол олиб чиқиши, ўз фракциялари орқали қонунчилик ташаббусларини илгари суриши ва қонунлар ижросини таъминлашни назоратига олиши муҳимлиги ҳақида фикр алмашилди.
Партиялар роли, айниқса, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришда, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечимини топишда ҳамда Парламент ва жамоатчилик назоратини олиб боришда муҳимлиги қайд этилди.
Партиялар ўз электорати, ёшлар, хотин-қизлар ва нуронийлар билан ишлаш, уларнинг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминлашга кўмаклашиши зарурлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.
Президент ҳузуридаги учрашувда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Экологик партия, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси раҳбарлари иштирок этди.