ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Тошкент вилояти ИИББ Янгийўлда бегона шахс ёш қизалоқни олиб кетмоқчи бўлгани айтилган видео юзасидан изоҳ берди.
Маълум қилинишича, ҳозирда мазкур ҳолат Янгийўл шаҳар ИИБ ва прокуратура назоратига олинган ва суруштирув ишлари олиб борилмоқда.
“Асосийси ўқувчи қиз соғлом ва ота-онаси ёнида. Мактабда дарсларида иштирок этмоқда”, - дейилган хабарда.
Дастлабки маълумотларга кўра, 29 январь куни соат 12-10 ларда Янгийўл шаҳрида яшовчи 2013 йилда туғилган, 1-синф ўқувчиси С.А. дарсини тугатиб мактабдан чиққан вақтида, унинг ёнига номаълум шахс келган ва у билан суҳбатлашган. Унга ширинлик олиб беришини айтиб, қўлидаги мактаб сумкасини олиб биргаликда бозор томонга ҳаракатланган.
Улар бироз йўл юргандан кейин қизалоқ у билан кетмаслигини айтиб, хархаша қилиб йиғлай бошлаган. Шундан сўнг у қизга сумкасини қайтариб берган ва ўзи йўлида давом этган. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқатилган видео хабарларда ҳам акс эттирилган.
Ҳолат юзасидан келиб тушган хабарга асосан шаҳар ИИБ томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суруштирув ишлари бошланган.
Суруштирув давомида қизнинг ота-онаси видео тасвирда акс этган шахсни танимаслигини маълум қилган.
Ҳозирда ушбу шахснинг кимлигини аниқлаш ва ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан шаҳар ИИБ ходимлари томонидан суруштирув ишлари давом эттирилмоқда.