Тунда севган қизининг уйига келган қашқадарёлик йигит аянчли ўлим топди

Совчиларига рад жавобини берган қизнинг уйига гаплашиб олиш учун маст ҳолатда борган йигит пичоқланди. Қизнинг 20 ёшли укаси томонидан пичоқланган ошиқ касалхонада вафот этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Қашқадарё вилоятида тунда севган қизининг уйига борган йигит пичоқланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилди.
Қашқадарёлик эркак рашк ўтида хотинининг “хушторига” пичоқ урди
Маълум бўлишича, 30 январь куни соат 22:00 ларда 22 ёшли Ж.Ю. маст ҳолатда севган қизи билан гаплашиб олиш мақсадида Косон тумани “Некўз” МФЙ Тайзан қишлоғига келган. Қизнинг уйига девордан ошиб кирган вақтда унинг 20 ёшли укаси Б.С. ҳовлисида одам шарпасини сезиб, ошхонадан рўзғор пичоғини олиб ҳовлига чиққан. Йигит билан келган унинг ўртоғи А.А. қочиб қолишга улгурган. Ж.Ю. эса ҳовли бурчагида қолиб кетган ва қизнинг укасига у билан гаплашиб олишини, совчиларига нима сабабдан рад жавобини берганликларини сўрашини айтган. Улар ўзаро тортишиб қолишган ва қизнинг укаси йигитнинг қорнига пичоқ тиқиб олган.
Йигитга қизнинг оила аъзолари биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, Қарши шаҳридаги касалхонага олиб боришган. Бироқ Ж.Ю. кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан олган оғир тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Косон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими Б.С.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “Д” банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. 
Унга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.