Мактабда тўпланган ўртача балл кириш имтиҳонида ҳисобга олинади - янги қонун

Мактаб битирувчиси 6-11 синфларда жами фанлардан олган ўтрача баҳоси ОТМга кириш имтиҳонида қўшимча балл сифатида фойдаланиш мумкин бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 фев - Sputnik. Келгуси 2023–2024 ўқув йилидан бошлаб битирувчиларнинг сўнгги 6 йил давомида тўплаган ўртача баллари олийгоҳга киришда  ҳисобга олиниши мумкин.
Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамаси  ташаббуси билан эълон қилинган янги қарор лойиҳасида айтиб ўтилган.
"2022/2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг шаҳодатномаси (аттестати) (диплом иловаси)га мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари ўртача кўрсаткичи киритилиши ва ушбу кўрсаткич 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олиниши маълумот учун қабул қилинсин", - дейилган қарор лойиҳасида.
Ўртача балл қандай ҳисобланади?
Битирувчилари баҳосининг ўртача кўрсаткичини ҳисоблашда битирувчининг 6-11-синфлардаги йиллик баҳоларининг умумий йиғиндиси ҳар бир синфдаги ўқиган фанлар сонининг умумий йиғиндисига нисбати олинади.
Кириш имтиҳонида ҳисобга олиш тартиби қандай?
Давлат тест маркази томонидан олий таълим ташкилотларига қабул тест синовлари якунланганидан сўнг, белгиланган муддатда, танловга қадар абитуриентларнинг тест синови жараёнида тўплаган балларига тегишли таълим ташкилотлари томонидан киритилган битирувчилар (абитуриентлар) баҳоларининг ўртача кўрсаткичлари қўшилади ва танлов амалга оширилади.
Лойиҳада айтилишига кўра, ушбу ўртача кўрсатгични ҳисобга олишда, ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг баҳолари қайд этиб бориладиган электрон платформа ва “электрон кундалик” ташкил қилинади ва у келажакда Давлат Тест марказининг АБИТУР дастурига интеграция қилинади.
Мазкур Тартиб ҳарбий таълим муассасаларига ва Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларига татбиқ этилмайди.
Қонун лойиҳаси билан батафсил қуйида танишиш мумкин.