ТОШКЕНТ, 2 фев - Sputnik. Хорижда қийин аҳволда қолган меҳнат мигрантларни қўллаб-қувватлаш тизими кенгайтирилмоқда. Бу ҳақида Sputnik мухбири ташқи меҳнат миграция агентлигига асосан хабар қилмоқда.
Хусусан, ушбу мақсадда маҳаллий ҳокимиятлар ҳузурида махсус жамғармалар ташкил қилинмоқда. Жамғарма, маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаалари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан шакллантириб борилади.
Жамғарма хорижда қийин аҳволда қолган меҳнат мигрантларига қуйидаги йўналишлар бўйича хизматлар кўрсатади:
- хорижий иш берувчиларда мавжуд бўлган бўш иш ўринларини таклиф қилиш;
- Ватанга қайтариш учун авиа ёки темир йўл чипталари ҳақини тўлаш;
- вафот этган шахс жасадини урф-одатларга кўра тайёрлашда 1 минг АҚШ долларигача хизматлар ҳақини ва Ўзбекистонга олиб келиш учун чипта ҳақини тўлаш.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Наманган ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида “Хориждаги меҳнат мигрантларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий ёрдам кўрсатиш” жамғармалари ташкил этилди.
Маълумот учун, Меҳнат вазирлиги ҳузурида ҳам Мигрантларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган. У жамғарманинг фаолияти янада кенгроқ соҳаларни қамраб олади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу жамғармалар Ўзбекистон президентининг 2020 йил 15 сентябрда қабул қилинган “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилмоқда.