ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Тошкентда “Чилонзор буюм савдо комплекси” АЖда қурилиши режалаштирилган дўконни 25 минг долларга аукцион орқали олиб бермоқчи бўлган бозор масъули ва унинг шериги ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати Sputnik нашрига маълум қилди.
Аниқланишича, бу ерда дўкон сотувчиси бўлиб ишловчи Н.Р. фуқаро Д.Б.га мазкур савдо комплекси ҳудудидаги савдо дўконларидан бирини олиб бериш масаласини бозор муҳандиси А.С. орқали ҳал қилиб беришини айтган. Бунинг учун 25 минг доллар сўраган.
Н.Р. сўралган маблағдан 9,4 минг долларни олиб, кейинроқ қолган 15,6 минг долларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Ундан кейин савдо комплекси бош муҳандиси А.С. дўкон сотувчисидан 10 минг долларни порани олаётган вақтида қўлга тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан А.С. ва Н.Р.ларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.