ТОШКЕНТ, 31 янв — Sputnik. Ўзбекистонда энди ID-карта ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси ёрдамида банк хизматидан фойдаланиш мумкин. Марказий банк бошқарувининг тегишли қарори 2021 йил 26 январда 3285-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ҳужжатга асосан қабул қилинган 7 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
"Унда фуқаролар паспорти билан бир қаторда идентификация ID-карта ёки миллий ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланган ҳолда банк хизматларидан фойдаланишлари мумкинлиги белгиланди", - дейилган Марказий банк хабарида.
Таъкидланишича, мазкур ўзгартиришлар банк ва мижоз ўртасида шахсни тасдиқловчи ҳужжат маълумотларини тақдим этиш билан боғлиқ тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатда 2021 йилдан бошлаб идентификация ID-карталарини бериш тизими жорий этилган.