“Путин қасри” кўриниши қандай? – репортаж

Катта шов-шувга сабаб бўлган “Путин қасри” кўриниши қандай – Mash Telegram-канал журналистлари бу ҳақда репортаж тайёрлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Mash Telegram-канал журналистлари Алексей Навальний эълон қилган фильмда айтилган Геленджикдаги "қаср"га келиб, репортаж тайёрлади.
"Қаср олдига келганларни дарвозасиз парад кириш жойи кутиб олади - бу ерда шунчаки улар йўқ. Дарвоза устида ҳеч қандай Қишки сарой тожли Подшоҳ бургут нусхаси йўқ. Жойни жуда оддий тасвирлаш мумкин - бу битта катта бетон. Ҳамма нарса қурилишнинг нол босқичида", - дейилган материалда.
Журналистларга 6 йилдан бери қаср қурилишини кузатиб борган техник назорат вакили ҳамроҳлик қилди. Мухбирлар 16 та бир хил хонани кўришга муваффақ бўлишди: уларни бир ибора билан - яхлит бир бетон, деб тасвирласа бўлади. "Суриштирув"да айтилган "чилимхона" ўрнида "қурувчилар хонаси": ишчилар у ерда каскалар, махсус кийим ва поябзалларни сақлашмоқда.
"Лой хонаси" - қурилишнинг дастлабки босқичида, уни битта сўз - бетон деб таърифлаш мумкин, интернетда мемларга айланган "аквадискотека" эса амалда - ишламайдиган фаввора экан.
Журналистлар тасвирга олган лавҳада: тахталар, кўплаб симлар, бетон блоклар ва "розетка ишламайди" деган ёзувлар акс этган.
"Атрофда жуда кўп ишчилар. Ҳар қадамда қурувчиларни учратиш мумкин. Иморатни кўздан кечираётганимизда йигитлар тешиш, бурғулаш ишлари билан банд эди ... Ростини айтсам, жуда зерикарли. Ўша айтилган қасрни кўришга муваффақ бўлмадик", - дейди репортаж муаллифларидан бири.
Қурувчиларнинг сўзларига кўра, "қаср"ни барпо қилиш ва фойдаланишга топшириш учун 5-6 йил керак.
Бироқ, бу "мулк"нинг эгаси ким эканлиги номаълум бўлиб қолмоқда.
Журналистлар эгаларни жавоб қайтаришга чақиришди.

Кремль реакцияси

Аввалроқ Владимир Путин Алексей Навальнийнинг Геленджикдаги "қаср" тўғрисидаги фильмини томоша қилмаганлигини, аммо ёрдамчилари тайёрлаган видеолар тўплами билан танишиб чиққанлигини айтди. Президент таъкидлашича, “суриштирув”да кўрсатилган ҳеч қандай мулк на унга, на унинг қариндошларига тегишли эмас ва ҳеч қачон тегишли бўлмаган.
Президент матбуот котиби Дмитрий Песков сўзларига кўра, Геленджикдаги қаср эгаси - бир ёки бир нечта ишбилармон. Кремль исмларни ошкор қилмайди, чунки бу нотўғри. Президент администрацияси сохта фош қилувчи материаллар ва ахборот хуружлари ҳақида олдиндан билганлигини таъкидлади.