ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Март ойидан бошлаб Қувайтга чартер рейслар қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Sputnik мухбирига маълум қилди.
Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, рейслар ҳафтасига икки марта “Uzbekistan Airways” томонидан амалга оширилади. Шунингдек, у кейинчалик рейслар сони ҳафтасига бештагача кўпайтирилиши мумкинлигини қўшимча қилди.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Тожикистон коронавирус пандемияси сабаб вақтинча тўхтатиб қўйилган мунтазам парвозларни тиклаган эди. Рейслар ҳафтасига бир марта чоршанба кунлари амалга оширилмоқда. Йўловчилар ўзлари билан "COVID-19"га "ПЗР SARS-COV-2" услубида тест топширилгани тўғрисидаги, олинганига 72 соатдан кўп бўлмаган амалдаги маълумотномага эга бўлишлари шарт.