ДХХга ёшлар муаммоларини тизимли ўрганиш вазифаси юклатилди

Давлат хавфсизлик хизмати ёшларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли ўрганиш ва мувофиқлаштириш билан шуғулланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев ёшларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли ўрганиш ва мувофиқлаштириш вазифасини Давлат хавфсизлик хизматига юклади. Бу ҳақда давлат раҳбари ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Президентнинг маълум қилишича, мамлакатимда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд. Бу – аҳолининг қарийб 55 фоизини ташкил этади. Бугунги кунда 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоизни ташкил этади.
“Биз вазифани муҳимлигини инобатга олиб биринчи марта хавфсизлик хизматига бу топшириқни берганмизки, мувофиқлаштириш, жойлардаги туман раҳбарлари қабул қилган масалани албатта бажариш, назорат қилиш. Шу билан бирга бажартириш. Ёшлар бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, ҳокимлар, район ҳокими ўринбосари деган лавозим бор, ички ишлар бошқармаси (бошлиғи – таҳр.) ўринбосари бор. Ҳамма тизим пастда яратилган. Лекин, минг афсус, биз кутган натижа бўлмагани учун мана шундай тизим қиляпмиз”, - деди Мирзиёев.
Таъкидланишича, ишсизлик масалаларини тизимли ҳал этиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи жойларда ўғил-қизларнинг таклифларини “маҳаллабай” ўрганмоқда. Бу ўрганишлар ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, улар учун кредит ажратишда ҳалигача кўплаб камчиликлар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. 
Жорий йилда 500 минг нафар ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш зарурлиги таъкидланди. Туман ва шаҳарларда анъанавий ёки масофавий ўқув курсларини кўпайтириш, ишсиз ёшларни ушбу тизим орқали касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиб, бандлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
“Ишга марҳамат” мономарказлари ҳамда касб-ҳунар коллежларини асбоб-ускуна билан таъминлаш, касб стандартларини ишлаб чиқиш ва ўқитувчилар малакасини ошириш вазифалари белгиланди.
“Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ўғил-қизларни тадбиркорларга бириктириб, уларда бизнес кўникмаларини шакллантириш, имтиёзли кредитлар ажратиб, ўз фаолиятини бошлашга кўмаклашиш зарурлиги айтилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига жойларда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.