Концерт тадбирларини ташкил этишга рухсат берилди

Ўзбекистонда 28 январдан концерт ва томоша тадбирларини ташкил этишга рухсат берилмоқда. Бунда томошабинлар сони 50 фоиздан ошмаслиги зарур.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Жорий йилнинг 28 январидан бошлаб санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этган ҳолда концерт ва томоша тадбирларини ташкил этишга рухсат берилди.
Республика махсус комиссиясининг қарори билан концерт ва томоша тадбирларини ўтказиш бўйича қуйидаги талаблар белгиланди:
  • концерт саройларининг томошабин сиғимини инобатга олган ҳолда томошабинлар сонини 50 фоиздан оширмаган ҳолда ташкил этиш;
  • концерт саройларининг томошабин ўриндиқларидан оралиқ масофани сақлаган ҳолда фойдаланилишини таъминлаш ва бу борада оралиқ масофани сақлаш учун талаб этиладиган ўриндиқларни консервация қилиш;
  • концерт саройларига ташриф буюрувчи томошабин ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимлар қатъий ниқобда бўлиш.
Шунингдек, умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар томонидан соат 8:00 дан 23:00 гача бўлган даврида фаолият юритиши билан боғлиқ бўлган чекловлар бекор қилинди.
Ушбу хизматлар Вазирлар Маҳкамасининг “Тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 24 июлдаги қарори талаблари доирасида ташкил этилишига рухсат берилди.
Махсус комиссия фуқаролардан санитария-эпидемиологик қоидаларга қатъи риоя этишлари ҳамда мамлакатда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш борасида эришилган бугунги вазиятни бардавом бўлиши учун шахсий масъулиятни оширишни сўраган.