Ҳиндистонда TikTok умрбодга блокланди

Ҳиндистон мамлакатда 59та Хитой дастуридан, улар ичида TikTok тармоғидан фойдаланишга доимий тақиқ жорий қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Ҳиндистон мамлакатда 59та Хитой дастуридан, шу жумладан TikTok ижтимоий тармоғидан фойдаланишга расмий доимий тақиқ жорий қилди. Бу ҳақда NDTV ўз манбасига асосан хабар қилди.
Тошкент ҳокими Ортиқхўжаев TikTok учун видеога тушди
Қарорни Ҳиндистон электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги қабул қилди. Бунгача, ўтган йилнинг июн ойида Ҳиндистон ҳукумати хитойлик дизайндаги 59 та дастурдан фойдаланишни тақиқлаб, уларни мамлакат суверенитети, яхлитлиги ва миллий хавфсизлигига "зиён етказадиган" деб атади.
Доимий равишда тақиқланган платформалар рўйхатига Alibaba компанияси томонидан ишлаб чиқарилган WeChat, UC Browser ва TikTok киритилди.
Хитой дастурларини тақиқлаш тўғрисидаги қарор Ладахнинг тоғли чегара ҳудудида икки мамлакат ўртасидаги кескинлашув фонида қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, ўз президентлиги даврида Дональд Трамп “TikTok ва WeChat иловалари таҳдиди”га қарши кураш тўғрисида фармонни имзолаганди. Ҳужжатда TikTok ва WeChat АҚШ миллий хавфсизлиги, иқтисодиёти ва сиёсатига таҳдид сифатида кўрсатилган. Таъкидланишича, бу иловалар фойдаланувчи, шу жумладан у жойлашган жойи ва қидирган нарсалар ҳақидаги маълумотларни йиғади.