ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Испаниянинг “Атлетико Мадрид” клуби Ўзбекистонда футбол академиясини очиш таклифини билдирди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ушбу таклиф Мадридда бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг испан клуби раҳбарияти билан учрашувида муҳокама қилинди.
“Атлетико Мадрид” вакиллари хорижда очилган академиялари фаолияти, Ўзбекистон туризм салоҳиятини дунё бўйлаб футбол ишқибозларига танитишдаги маркетинг имкониятлари ҳақида батафсил тақдимот ўтказишди.
“Учрашув якунига кўра, “Атлетико Мадрид” клуби вакиллари Ўзбекистонда футбол академиясини ташкил этиш ва клуб имкониятларидан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг туризм салоҳияти тарғиботида ҳамкорлик қилишни таклиф қилди”, - дейилган қўмита хабарида.
Клуб тез орада Ўзбекистон томонига тижорий таклиф юборишини маълум қилди. Томонлар ўзаро келишувга эришса, клуб мутасаддилари Ўзбекистонга ташриф буюради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда Испаниянинг “Реал Мадрид” футбол академияси очилиши хабар қилинган эди.