Қашқадарёда Ислом Каримов бюсти учун ўқитувчилардан мажбурий пул йиғилдими?

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёдаги мактабларнинг бирида ўқитувчилар ҳокимликдан Ислом Каримов бюсти тарқатилгани ва бу учун улардан мажбуран пул йиғилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Қашқадарёда вилоятидаги мактабларда Ислом Каримов бюсти учун мажбурий пул йиғилгани ҳақида хабарларга расмий муносабат билдирилди.
Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармасининг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ҳамда келажак авлодга етказиш бўйича тайёрланган бюстларни вилоятдаги идора, корхона, ташкилот ва муассасаларга ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимларга етказиб бериш тўғрисида таклифий тақсимот жадвалига кўра, вилоят халқ таълими бошқармасига 200 дона тақсимот қилинган.
"Ҳисоб бериш эсдан чиқибди": Булунғурда педагоглар мукофот пули нега "арра" қилинган эди?
Ушбу бюстлар вилоят халқ таълими бошқармасининг ички тақсимоти асосида туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига тақсимлаб берилган. Жумладан, Чироқчи туманига 30 дона, Қарши шаҳрига 9 дона, Қарши туманига 12 дона, Миришкор туманига 7 дона, Ғузор туманига 12 дона, Деҳқонобод туманига 17 дона, Қамаши туманига 15 дона, Косон туманига 18 дона, Китоб туманига 16 дона, Муборак туманига 6 дона, Нишон туманига 7 дона, Касби туманига 10 дона, Шаҳрисабз туманига 15 дона, Яккабоғ туманига 18 дона, Шаҳрисабз шаҳрига 4 дона бюстлар тақсимот қилиб берилган.
Таъкидланишича, ҳозирда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида ҳомийлик ёки бюджетдан ташқари тушган маблағ асосида шакллантириб, мактабларга тарқатиш учун сақланмоқда.
Қолган 5 та туманда Ислом Каримовнинг бюстлари, ўзлари ташаббус кўрсатган мактаб директорларига тарқатилган. Жумладан, Чироқчи, Муборак, Қарши, Косон, Деҳқонобод туманлари мактабларига тарқатилган.
“Пул маблағлари мактаблар жамоасидан йиғиб олинмаганлиги маълум бўлди”, — дейилган хабарда.