Мирзиёев: камроқ гапиринг, баландпарвоз гаплар менга ёқмайди

Президент Бухоро вилоятидаги учрашувда амалдорларга кўпроқ ишлаш кераклигини маслаҳат берди. Аниқ таклифлар билан чиққан фуқароларни эса қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятининг Олот тумани марказида Олот, Қоракўл, Жондор ва Шофиркон туманлари фаоллари, маҳалла раислари билан учрашувда амалдорларга кўпроқ ишлаш кераклигини маслаҳат берди.
Президент матбуот хизмати томонидан давлат раҳбарининг вилоятга ташрифига бағишлаб таёрланган махсус репортажида давлат раҳбари фуқаро ва амалдорлардан таклиф ва саволлар сўраган. Шунингдек, қуруқ ҳисобот билан чекланаётган мансабдорларга камроқ гапириб, кўпроқ ишлашни маслаҳат берган.
“Мен сиз билан биринчи марта гаплашаяпман. Камроқ гапиринг… Менга қилган ишларингизни… Баландпарвоз гаплар менга ёқмайди, иш жойини ташкил қилиб, камбағални камайтириш керак. Энг катта мақсадим шу”, — деди президент.
Шунингдек, давлат раҳбари аниқ таклифлар билан чиққан фуқароларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Учрашувда “Оқсув” МФЙ раиси ўз маҳалласида 214 нафар ишсиз фуқаро ва 4 нафар тадбиркор борлигини маълум қилди. Маҳалла раиси тадбиркорлардан бири шаҳарда ижарада туриб фаолият кўрсатаётгани, маҳалланинг етти нафар фуқаросини иш билан таъминлаганини айтган ва президентдан унинг қишлоқда фаолият кўрсатиши учун ер сўраган.
“Ер берса бўлди, ўзи ҳамма биносини тиклаб, еттита эмас, 15 та фуқарони иш билан таъминлайман деяпти”, — дейди маҳалла раиси.
Бунга жавобан Шавкат Мирзиёев шу каби таклифлар кераклигини қайд этди.
Суҳбат давомида ҳаяжонга тушган маҳалла раиси давлат раҳбарига “бундан кейин сизни ‘подводить’ қилмаймиз”, дея ваъда берган ва ўз фикрини ўзбек тилида билдирмагани учун дарҳол узр сўраган.
“Майли, майли, ‘подводить’ қилмасанг ҳам майли. Қайси тилда гапирсанг ҳам майли, ‘подводить’ қилмасанг бўлди”, — дея Мирзиёев ҳолатни ҳазилга йўйиб.