Президент Бухорода ёш дастурчилар билан суҳбатлашди

Бухоро IT Parkида ўқувчи, талаба ва фрилансер дастурчилар робототехника, веб дизайн ва профессионал дастурлашни ўрганади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 янв - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига амалга оширилаётган ташрифи доирасида Бухоро шаҳридаги давлат хизматлари маркази ва IT Park ни бориб кўрди.
IT Parkнинг Бухоро филиалида ўқувчилар, талабалар ва фрилансер дастурчилар ўйинлар орқали ахборот технологияларига қизиқтирилади, кейин ўқитилиб, лойиҳалар ишлаб чиқишга ўргатилади. Бу ерда ёш ҳаваскорлар, робототехниклар, веб дизайнерлар, профессионал дастурчилар йиғилган.
– Бухоро азалдан илм-фан маркази бўлган. Бугун ҳам билимли, интилувчан ёшлар кўп. Бухоронинг IT соҳаси бўйича брендини яратиш керак. Бунинг учун барча нарса – шароит, ресурс, интеллект бор, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент шунингдек долзарб иқтисодий-ижтимоий масалалар бўйича ёш дастурчиларга буюртма бериш, маблағ, энергия ресурслари ва вақтни тежовчи дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Айни дамда Bukhara City мажмуасида IT Park учун янги 9 ва 12 қаватли замонавий бинолар қурилмоқда. Мажмуада коворкинг маркази, офислар, меҳмонхона, ресторан ва спорт заллари бўлади. У ерда 700 дан зиёд иш ўрни яратилиши режалаштирилган.