ТОШКЕНТ, 20 янв - Sputnik. Жо Байден қасамёд қилди ва АҚШ президенти лавозимини бажаришга киришди.
"Мен, Жо Байден, Қўшма Штатлар президенти вазифаларини виждонан бажаришга ва Қўшма Штатлар Конституциясини кучим борича қўллаб-қувватлашга, муҳофаза қилишга ва ҳимоялашга тантанали равишда қасамёд қиламан", - деб айтди Байден чап қўлини Инжилга қўйган ҳолда.
Инаугурациясида қатнашган қатор олий мартабали меҳмонлар, жумладан, сайланган вице-президент Камала Харрис ҳам бинафша рангдаги либосларни кийганлар.
Эслатиб ўтамиз, 78 ёшда бўлган демократ Байден АҚШнинг 46-президенти бўлди. У ноябрда бўлиб ўтган сайловларда республикачи Дональд Трамп устидан ғалаба қозонди. Трамп Байден инаугурациясида иштирок этишдан воз кечди.
Шу вақтгача Байден қатор ўзгаришларни амалга оширишга улгурди.
Хусусан, пайшанба куни у Яқин Шарқ мамлакатлари вакилларининг АҚШга киришига тақиқ қўйган, "Мусулмонларга тақиқ" деб ном олган қарорни бекор қилди.
2017 йилда Дональд Трамп президент сифатида Эрон, Ливия, Сурия, Яман, Сомали, Судан ва Ироқ фуқароларига АҚШга киришни тақиқлаган эди.
Аммо Трампнинг ушбу қарори маҳаллий даражадаги қатор суд инстанциялари томонидан ноқонуний деб топилгач, ҳужжат таҳрир қилинган, рўйхатдан Ироқ ва Судан олиб ташланган, аммо Чад ва КХДР фуқаролари, шунингдек, Венесуэла амалдорлари киритилган эди.
Шунингдек, АҚШнинг янги президенти Қўшма Штатларнинг Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига қайтиши тўғрисидаги фармонни имзолади.
Вашингтон ташкилотдан ўтган йилнинг ёзида чиққан эди – Трамп ташкилотни ислоҳотлардан воз кечганликда, шунингдек, пандемия вақтида нотўғри ҳаракат қилганликда айблаган.
Бундан ташқари, Байден АҚШни иқлим бўйича Париж битимига қайтарди ва Мексика билан чегарада девр қурилишини тўхтатди. Деворнинг бир қисми қурилиб бўлган эди, Байден қурилган иншоотни бузмоқчи эмаслигига шама қилди.