Ўзбекистонда 2020 йилда ўлим ҳолати 13,5 фоизга ошди

Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига тўғри келган 2020 йилда 175,6 минг киши вафот этди. Бу 2019 йилга қараганда 21 мингта (13,58 фоиз) кўпроқ ўлим дегани.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Ўзбекистонда 2020 йилда 175,6 мигтта ўлим қайд этилган, ҳар 1000 аҳолига ўлим коэффициенти 5,1 промиллени ташкил этган. Бундан Давлат статистика қўмитасининг 2020 йил якунлари бўйича демографик рақамлари дарак бермоқда.
Бу 2017 йилги ўлимлар сонидан 14,7 мингтага (9,27 фоизга), 2018 йилги ўлимлар сонидан 20,7 мингтага (13,36 фоизга), 2019 йилги ўлимлар сонидан 21 мингтага (13,58 фоизга) кўп.
2020 йилда қайд этилган ўлим ҳолатларининг 60,0 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 8,0 фоизи ўсимталардан, 7,2 фоизи нафас олиш аъзолари касалликларидан, 4,4 фоизи овқат ҳзм қилиш аъзолари касалликларидан, 4,4 фоизи бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 4,4 фоизи юқумли ва паразитар касалликлардан ҳамда 11,6 фоизи бошқа касалликлардан вафот этган.
Вилоятлар кесими бўйича энг кўп ўлим ҳолатлари Тошкент шаҳрига (21,2 минг), Фарғона (18,5 минг), Тошкент (18,4 минг) ва Самарқанд (18,4 минг) вилоятларига тўғри келган. Энг кам ўлим ҳолати эса Навоий (5 минг) ва Сирдарё (4 минг) вилоятларида кузатилган.