ТОШКЕНТ, 19 янв - Sputnik. Ўзбекистон ва Ҳиндистон авиақатновларни тиклаш масалаларини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги матбуот-хизмати.
Музокаралар Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашув вақтида бўлиб ўтган.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири в.б. Илҳом Маҳкамов Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхат билан учрашув ўтказди.
"Мулоқот давомида икки томонлама авиақатновларни қайта тиклаш масаласи муҳокама этилди. Шунингдек, мамлакатлар ўртасида транспорт коридорларини аниқлаш бўйича биргаликдаги саъйи - ҳаракатларнинг аҳамияти муҳим эканлиги таъкидланди", - дейилади хабарда.
Учрашув давомида шу билан бирга, транспорт соҳасидаги мавжуд инвестиция лойиҳалари ҳам муҳокама этилган. Томонлар аввалги эришилган келишувлар юзасидан транспорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этиб ўтишган.
Эслатиб ўтамиз, сал олдин 20 январь кунидан эътиборан "Uzbekistan Airways" компанияси Тошкент – Душанбе – Тошкент йўналишида мунтазам авиа қатновларни амалга оширишни бошлайди.