ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Россия ҳар доим зўравонлик ҳаракатларига қарши бўлган, АҚШ эса, аксинча, бундай чораларни рағбатлантирган. Бу ҳақда Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин сешанба куни Давлат Думасининг ялпи мажлисида айтди.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ сиёсий элитаси кўп йиллар давомида америкаликларни ирқий, диний, гендер тамойиллари бўйича бир-бирига қарши қўйган: президент сайловлари вақтида "ҳар икки томон учун ўта кескин ва хавфли характерга эга бўлди".
Бу воситалардан бир сиёсий кучнинг фойдаланиши бошқа томон тарафдорларини радикаллашишига олиб келмаслиги мумкин эмас, деди Давлат Думаси спикери. Бундай ҳолат - президентликдан кетаётган президент тарафдорларида юз берди, деб қўшимча қилди у.
"Биз ҳар доим бунга қарши бўлганмиз ва бунга йўл қўйиб бўлмайди деб ҳисоблаймиз. АҚШнинг етакчи икки партияси ўртасида юзага келган ҳокимият учун кураш парламентни ишғол қилинишига ва одамларнинг қурбон бўлишига олиб келди. Биз ҳар доим, бугун ҳам буни таъкидламоқчиманки, зўравонлик, конституцияга зид ҳаракатларга қарши чиққанмиз, АҚШ эса, аксинча, дунёнинг кўплаб мамлакатларида ушбу жараёнларни қўллаб-қувватлашган, уларнинг суверен ишларига аралашган", - деди Володин.
Давлат Думаси спикери таъкидлашича, Европада, постсовет ҳудудида, Яқин Шарқ, Осиё, Африка, Лотин Америкасида рухсат этилмаган намойиш иштирокчилари Вашингтон томонидан озодлик ва демократия учун курашчилар деб чақирилган.
"Худди шу нарса АҚШнинг ўзида содир бўлганида, улар бу одамларни ички террорчилар деб аташди, уларга 15-20 йил қамоқ жазоси берилиши мумкин. Булар ҳақиқий сиёсий маҳбуслар бўлади. Келинглар, ҳамма нарсани ўз номи ила аташ керак", - деб қўшимча қилди Давлат Думаси спикери.