Ўзбек мумтоз қўшиқчилигининг йирик вакили вафот этди

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист, “Лазги” ансамбли ва Хоразм санъатининг устунларидан бири Раҳматжон Қурбонов вафот этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Ўзбек мумтоз қўшиқчилигининг йирик вакили, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Раҳматжон Қурбонов вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Соҳир овоз соҳиби Раҳматжон Қурбонов ўз ижодий фаолияти давомида санъат ихлосмандлари қалбини забт этиши баробарида, ўзбек миллий-мумтоз қўшиқчилик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган. Айниқса “Лазги” ансамблига раҳбарлик қилган йилларда Хоразм мумтоз қўшиқлари ва рақслари республика ҳамда дунё узра янада кенгроқ тараннум этилди.
Қурбонов асл санъат дурдоналаридан “Чоргоҳ”, “Талқини Рост”, “Катта сувора”, “Чапандози сувора”, “Базиргоний”, “Қаро кўзим”, “Насруллойи”, “Махсус”, “Феруз-1”, “Феруз-II”, “Оразибон” каби кўплаб мақом ҳамда мумтоз ашулаларни юқори савияда ижро этган.
Раҳматжон Қурбанов кўп йиллар Ўзбекистон давлат филармонияси “Лазги” ашула ва рақс ансамбли раҳбари лавозимида меҳнат қилди ва ушбу ансамбль фаолиятини самарали бошқарди. 
У “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
“Хоразм вилояти филармонияси директори, беназир устоз, Хоразм санъати устунларидан бири Раҳматжон Қурбоновнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила- аъзоларига ҳамда яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз!”, - дея ёзди маданият вазири Озодбек Назарбеков.