ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Бухоро вилояти Бухоро туманида “Isuzu” русумли автобусда ёнғин содир бўлди.
ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳодиса туманда жойлашган “Жондор” автотураргоҳининг охирги бекатида рўй берган. Автобус 76-йўналишда ҳаракатланувчи 59 ёшли ҳайдовчи З.О. бошқарувида бўлган.
Ёнғин натижасида тан жароҳати олганлар йўқ. Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган. Автобуснинг айрим қисмлари ёнғиндан зарарланган.
Мазкур ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилиб, ёнғин содир бўлиш сабабларига аниқлик киритилмоқда.