ТОШКЕНТ, 15 янв - Sputnik. Uzbekistan Airports Ўзбекистонга учиб келиш ва Ўзбекистондан учиб кетиш вақти аэропортларида коронавирусга қандай тестлар топширилиши ҳақида яна бир бор эслатиб ўтди.
Хабарда айтилишига кўра, ўтган йилнинг 25 декабрдан бошлаб хориждан келаётган шахслардан антиген экспресс тест олиш тартиби мажбурий ўрнатилган.
Махсус комиссия кўрсатмаси бўйича аэропортдан учиб кетиш вақтида ПЗР тести, Ўзбекистонга учиб келганда эса антиген экспресс тестини олиш тартиби ўрнатилганини маълум қиламиз, - дейиган хабарда.
Маълум бўлишича, ПЗР тестининг манфий натижаси тўғрисидаги таҳлил натижалари мавжудлигидан қатъий назар, йўловчилар ўз ҳисобидан халқаро аэропортларимизнинг чегара пункти ҳудудида экспресс тест топширишлари керак.
Тошкент халқаро аэропортида экспресс тест нархи 95 минг сўм, талабалар учун 50 минг сўм миқдорида белгиланган. Экспресс-тест таҳлил натижалари 15 дақиқа ичида аниқланади ва паспортларга штрих кодларини қўйиш орқали тасдиқланади.
Маълумот учун, 2020 йил 25 декабрдан 2021 йил 13 январга қадар Тошкент аэропортида 26 мингдан зиёд йўловчидан антиген экспресс тести олинган. Шу кунгача коронавирус аниқланган 43 йўловчи шифохоналарга жойлаштирилди.