Коронавирус "британча" штамми билан касалланган болаларда кузатилаётган 5 та аломат

Касалланган болаларнинг ярмидан кўпи (53 фоизи) бош оғриғидан шикоят қилган. Шу билан бирга, уларда қорин оғриғи ҳам кузатилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 янв - Sputnik. Коронавирус "британча" штамми билан касалланган болаларда кузатилаётган 5 та аломат аниқланди.
"Олдингиларидан анча хавфли": Британияда тарқалаётган вирус ҳақида олимлар хулосаси
Бу ҳақда АОКАда Коронавирусга қарши курашиш республика штаби аъзоси Ботир Қурбонов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
"Буюк Британияда аниқланган ва юқумлилиги жиҳатидан кучлироқ экани айтилган COVID-19 нинг янги штамми болаларда бироз бошқача аломатлар билан кечаётгани аниқланди. Бу "ZOE Symptom Tracker" иловаси ёрдамида олиб борилган тадқиқотлар туфайли маълум бўлди.
Соғлиқни сақлаш бўйича мутахассисларнинг фикрига кўра, касал болаларнинг аксарияти чарчоқдан азият чекади. Инфекцияни юқтирган чақалоқларда тез-тез йиғлаш ҳолатлари учрайди.
Британияда аниқланган коронавируснинг янги мутацияси дунёни саросимага солмоқда
Касалланган болаларнинг ярмидан кўпи (53 фоизи) бош оғриғидан шикоят қилган. Шу билан бирга, уларда қорин оғриғи ҳам кузатилмоқда. Шунинг учун, шифокорлар ота-оналарга қорин бўшлиғидаги ноқулайлик билан бир вақтда пайдо бўладиган бош оғриғи бор-йўқлигини болаларидан сўраб туришларини маслаҳат беришмоқда.
Яна бир аломат — 37 даражадан юқори иситма. У коронавируснинг «британча» штамми билан оғриган болаларнинг деярли ярмида учради.
Шунингдек, бетоб болаларнинг 38 фоизи томоқ оғриғидан шикоят қилганини аниқлади. Бу аломат одатда вирусли инфекциянинг белгиси. Томоқдаги оғриқ шамоллаш, грипп ёки COVID-19 нинг белгиси бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, касалланганларнинг тахминан 35 фоизи иштаҳани йўқотганини айтишган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, кўпинча бир ёшга тўлмаган чақалоқлар бунга дуч келишади. Шунинг учун улар ота-оналарга таомни кичикроқ қисмларга бўлиб, болаларни кам порция билан, аммо тез-тез овқатлантиришни маслаҳат беришади».