ТОШКЕНТ, 14 янв — Sputnik. "Ювентус"нинг спорт директори Фабио Паратичи клубнинг Элдор Шомуродовга бўлган қизиқиш ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ берди.
Football Italia хабарига кўра, Италия грандининг ҳозирча ўзбек форварди ёрдамида кучайтиришга эҳтиёжи йўқ.
"Агар Шомуродов ҳақида гапирадиган бўлсак, мен аллақачон жамоамиз рақобатбардош эканлигини айтган эдим. Агар бозорда истиқболли имкониятлар пайдо бўлса - биз улардан фойдаланамиз. Ҳозир шошилмаслик керак", - деди Паратичи.
Ўтган ҳафтада ОАВларда Туриннинг "Ювентус" клуби илгари "Ростов"да тўп сурган "Женоа" ҳужумчиси Элдор Шамуродовни ижарага олмоқчи эканлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.
Шомуродов октябр ойида Россиянинг "Ростов" клубидан "Женоа" клубига ўтганди. У янги жамоада 11та ўйин ўтказиб, 2та гол урди ва 2та голли узатма амалга оширди.