Ўзбекистон нега Афғонистонга электр энергияси етказиб бераётгани изоҳланди

Энергетика вазирлиги Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги келишувга кўра йилига 2,2 миллиард киловатт соат электр энергиясини етказиб бериш кўзда тутилганини таъкидлаган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги нега Афғонистонга электр энергияси етказиб бераётганига изоҳ берди.
Вазирлик хабарига кўра, Афғонистонда тинч ҳаётни ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон ва Афғон Ислом Республикаси ўртасида электр энергиясини етказиб бериш тўғрисида ҳукуматлараро келишув имзоланган.
Унда томонларнинг мажбуриятлари аниқ белгиланган бўлиб, келишувга асосан йиллик 2 миллиард 200 миллион киловатт соат электр энергиясини етказиб бериш кўзда тутилган.
ОТБ Ўзбекистондан Афғонистонга электр узатиш линиясини қуришни молиялаштиради
Мазкур келишув доирасида етказиб берилаётган электр энергияси ички бозорга салбий таъсир кўрсатмаслигини таъминлаш мақсадида қўшни давлатлар энерготизимларидан ҳам қўшимча импорт қилиниб, Афғонистонга унинг бир қисми экспорт қилинмоқда.
Таъкидланишича, Марказий Осиё мамлакатларининг ягона энерготизими Афғонистон энерготизими билан фақатгина Ўзбекистон орқали боғланган, яъни ягона энерготизим мамлакатларида ишлаб чиқарилган электр энергияси фақатгина Ўзбекистон орқали экспорт қилиниши мумкин.
“Ушбу мавзулар юзасидан турли интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқлардаги музокаралар айрим холларда нотўғри рақамлар ва фактларга асосланган бўлиб, ҳақиқий ҳолатни акс эттирмаяпти”, - дейилган вазирлик хабарида.