ТОШКЕНТ, 13 янв - Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида бугун бўлиб ўтган йиғилишда “Ўзавтосаноат” фаолиятини ҳамда машинасозлик тармоғини трансформация қилиш ва соҳада рақобатни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқилди.
Автомобил саноати трансформацияси
Хусусан, республикада олиб борилаётган давлат корхоналарини ислоҳ қилиш дастури доирасида, хорижий мутахассислар иштирокида “Ўзавтосаноат” фаолиятини трансформация қилиш офисини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.
Ушбу жараёнларда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги етакчи бўлиб, ишларни мувофиқлаштиради.
Ушбу йилнинг 1 июлига қадар тармоқ таркибидаги 40 та корхонани трансформация қилиш бошланади. Рақобат муҳитини ривожлантириш учун компания таркибидаги эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган 23 та корхонани хусусийлаштиришга тайёрлаш лозимлиги қайд этилди.
“Ўзавтосаноат”нинг асосий фаолиятига боғлиқ бўлмаган 14 та ташкилотдаги улушларини сотувга чиқариш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, автомобилларни саноат усулида йиғиш, йилига 50-60 мингта ҳамёнбоп автомашина ва электромобиллар ишлаб чиқаришга инвестиция киритиш зарурлиги таъкидланди.
Жорий йилда Хоразмда кузов деталларини тайёрлаш корхонаси, Андижонда 4 та, Навоий вилоятида 2 та маҳаллийлаштириш лойиҳалари ишга туширилади. Кооперация платформаси доирасида 122 та хусусий корхона иштирокида яна 80 та детал ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади.
Машинасозлик саноати
Ундан ташқари йиғилишда, машинасозлик саноатига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу соҳа Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи йўналишларидан бўлиб, саноатдаги улуши 11 %ни ташкил қилади.
Бугунги кунда бир қатор компаниялар Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва инвестициялар олиб кириш истагини билдирмоқда. Барча иштирокчилар учун бозор шароитларини бир хил қилиш мақсадида президент локализация даражасидан келиб чиқиб, ишлаб чиқарувчилар учун бир хил шароитлар жорий этиш бўйича кўрсатма берди.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ислоҳ қилиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама этилди. Тармоқда иқтисодий самарадорликни ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича вазифалар белгинди.
Мутасаддиларга корхоналарнинг бўш ер майдонларини оптималлаштириш, техникалар таннархини 30 %гача тушириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ҳамёнбоп техникалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шу йил якунигача уларнинг локализациясини 30 фоизга, келгуси йилда эса камида 45 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.