ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Тошкентнинг Учтепа туманида масофа сақламаслик оқибатида учта “Матиз”, “Дамас” ва “Нексия” иштирокида йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲ 13 январь куни соат 11:00 ларда, Фозилтепа кўчасидаги “Боғишамол” истироҳат боғи рўпарасида юз берган.
22 ёшли “Матиз” ҳайдовчиси И.Ф. оралиқ масофани сақламагани оқибатида светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган 29 ёшли Х.Р. бошқарувидаги “Дамас”га бориб урилган. Зарб оқибатида “Дамас” ўзидан олдинда тўхтаб турган А.А. бошқарувидаги “Матиз”’га, у эса ўз навбатида олдинда тўхтаб турган Ш.Я. бошқарувидаги яна бир “Матиз”га бориб урилган. Ушбу “Матиз” эса ундан олдинда тўхтаб турган Ш.И. бошқарувидаги “Нексия”нинг орқа томонига урилган.
© Пресс-служба ГУБДД МВД Узбекистана
ЙТҲ оқибатида масофа сақламаган “Матиз” ҳайдовчиси 21 ёшли И.Ф. ва “Дамас” ҳайдовчиси 29 ёшли Х.Р.га биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
© Пресс-служба ГУБДД МВД Узбекистана
Мазкур ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ дастлабки суриштирув ишларини олиб бормоқда.