ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Беларусь президенти Александр Лукашенко Ғарбнинг қатор Беларусь корхоналарига нисбатан қўллаган санкцияларини бандитча деб атади ва мос жавоб ишлаб чиқишни топширди.
Sputnik Беларусь агентлиги хабарига кўра, давлат раҳбари Минскда бош вазир ўринбосари Юрий Назаров ва саноат вазири Пётр Пархомчикнинг ҳисоботларини тинглаб, шундай топшириқ берган.
“Яна бир мавзу – бир неча маҳаллий корхоналарга қўлланилган Ғарб санкциялари. Бу санкцияларни Александр Лукашенко бандитча деб атади ва ҳукумат даражасида мос жавоб ишлаб чиқишни топширди”, - дейилган хабарда.
Беларусда 9 август куни президент сайловлари бўлиб ўтди. Мамлакат Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, унда Александр Лукашенко ғолиб бўлган. Ўша кундан бошлаб республикада норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.
Европа Иттифоқи мамлакатлари Беларуснинг қатор юқори амалдорларини намойиш иштирокларига куч қўллашда ва сайлов якунларини сохталаштирганда айблаб, уларга нисбатан санкция киритди, жумладан, Лукашенконинг ўзи ҳам санкция рўйхатига тушган. Бундан ташқари, яқинда ЕИ ҳисоб бўйича учинчи санкция рўйхати эълон қилди. Унга 29 нафар жисмоний шахс ва 7 та ташкилот киритилган. Ҳозирда рўйхатда 88 нафар жисмоний шахс ва 7 та ташкилот бор. Шу билан бирга, ЕИ Беларусдаги вазият яхшиланмаса, санкцияларни кенгайтиришга тайёрлигини маълум қилган.