ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Бухоро шаҳрида ҳали туғилмаган фарзандини сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилмоқда.
Аниқланишича, 2020 йилнинг декабрь ойларида 22 ёшли М.Р. Бухоро шаҳрида жойлашган кафелардан бирида официант бўлиб ишлаб юрган вақтида ушбу кафега мижоз сифатида келган фуқаро Ф.Э. билан танишиб қолган. Суҳбат давомида унга тўрт ойлик ҳомиласи борлиги ва моддий жиҳатдан қийналаётганини айтган. Келгусида ҳам туғилажак фарзандини моддий таъминлай олмаслигини айтиб, уни дунёга келтиргандан сўнг сотиш нияти борлигини маълум қилган.
© Пресс-служба Следственного департамента при МВД РУз
Кейин Ф.Э.га тўрт ойлик ҳомиласини соғлом ҳолда туғиб, 50 миллион сўм эвазига сотишни таклиф қилган. Олдиндан ундан 25 миллион сўм пулларни сўраган.
Жорий йилнинг 6 январь куни соат 19:00 да Бухоро шаҳар А.Жоме кўчасида жойлашган “Ал-Пари” ресторани олдида М.Р. фуқаро Ф.Э.дан 20 миллион сўм ва 500 доллар олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан М.Р.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 25, 135-моддаси 1-қисми (одам савдосига суиқасд) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.