Андижон марказий ичимлик сув тармоғида авария юз берди

Андижон марказий сув таъминоти тизимида юз берган носозликка қарамасдан аҳолига ичимлик суви етказиб берилмоқда - ҳокимият.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 янв - Sputnik. Андижон марказий ичимлик сув таъминоти тизимида авария содир бўлди, деб хабар қилмоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати. 
“Андижон сув таъминоти” МЧЖ  хабарига кўра, 9 январ куни, Андижон шаҳрига ичимлик суви етказиб берувчи диаметри 1400 мм.ли бўлган “Хонобод-Андижон” марказий сув қувурининг Андижон тумани Хортум МФЙга қарашли “Анжирзор” кўчаси ҳудудида жойлашган сув тақсимлаш жиҳозида носозлик юзага келган
Ҳокимият хабарига кўра, айни пайтда вилоят марказининг айрим ҳудудларига Жалақудуқ туманида жойлашган "Пахтакор" ер ости сув иншооти орқали тоза ичимлик суви етказиб берилмоқда. Бундан ташқари 40 дона махсус сув ташиш транспорти воситалари орқали аҳолига ичимлик суви етказиб бериш йўлга қўйилган.
Ундан ташқари, ушбу фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш учун махсус штаб тузилиб қувурни таъмирлаш ишлари тўхтовсиз олиб борилмоқда.