ТОШКЕНТ, 10 янв – Sputnik. Россия президенти Владимир Путин, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўртасида уч томонлама музокаралар 11 январ куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда Кремль матбуот-хизмати хабар бермоқда.
"Россия президенти Владимир Путин ташаббуси билан 2021 йил 11 январ куни Москвада РФ президенти, Озарбайжон Республикаси президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Республикаси бош вазири Никол Пашинян ўртасида уч томонлама музокаралар бўлиб ўтади", дейилади хабарда.
Россия, Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари - Владимир Путин, Никол Пашинян ва Илҳом Алиев Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилдилар.
Россия Федерацияси президенти томонидан эшиттирилган баёнотга кўра, 10-ноябрдан Тоғли Қорабоғда тўлиқ ўт очиш тўхтатилди. Арманистон томони бир қатор ҳудудларни ўтиб беришга рози бўлди.
Ўт очиш ва ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилганини назорат қилиш учун Тоғли-Қорабоғ зонасида Россия Федерациясининг тинчликпарвар контингенти жойлаштирилган: бу 1960 нафар ҳарбий хизматчилар, 90 та бронетранспортёрлар, 380 та автомобил ва махсус техникадир.