"Онлайн дарслар самара бермади": Ўзбекистон мактабларида ўқиш анъанавий шаклга ўтказилди

Икки чорак давомида масофавий таълим олиш жараёнида ўқувчиларнинг дарсларни тўлиқ ўзлаштиришларига етарли имконият бермаган, назорат сустлиги оқибатида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳам кузатилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 янв - Sputnik. Ўзбекистонда III чоракдан барча мактабларда ўқув жараёнлари тўлиқ анъанавий шаклга ўтказилади, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги матбуот-хизмати.
Навоийда таълим сифати паст бўлган 26 та мактаб директорлари ишдан олинди
Эслатиб ўтамиз, 2020-2021 ўқув йилининг биринчи ярим йиллигида ўқув жараёни мамлакатдаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда, ота-оналарнинг ихтиёрига кўра анъанавий ва масофавий шаклда олиб борилди.
"Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарорлашгани, иккинчи чорак якунига қадар 90 фоиздан ортиқ ўқувчилар анъанавий шаклда таълим олиш мақсадида мактабга қайтганини инобатга олиб, 2021 йилнинг 11 январидан (III чорак) барча мактабларда ўқув жараёнлари тўлиқ анъанавий шаклга ўтказилишини маълум қилади", - дейилади хабарда.
Айтиш жоизки, ўқувчиларнинг соғлигини ҳимоялаш бўйича ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида ўқув йилининг биринчи ярим йиллиги давомида анъанавий шаклда таълим жараёни йўлга қўйилган мактабларда эпидемиологик вазиятнинг барқарорлиги таъминланди.
БССТ коронавирус пандемияси сабабли мактаблар ёпилиши самарасига баҳо берди
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, икки чорак давомида масофавий таълим олиш жараёнида ўқувчиларнинг дарсларни тўлиқ ўзлаштиришларига етарли имконият бермаган, айрим ҳолатларда ўқувчилар телевизион дарсларни кўриш ва ўрганиш ўрнига вақтини бесамар ўтказиш ва ота-оналар томонидан етарли назорат этилмаслиги оқибатида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳам кузатилган.
Шу боис, вазирлик ота-оналардан фарзандларининг келажаги учун ўз вақтида билим олишларига шароит яратишлари ва мактабга юборишларини сўраб қолган.
Ўз ўрнида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари барча умумтаълим мактабларида қишки мавсумда иссиқлик тизимини барқарор ишлаши, ўқувчиларнинг соғлигини ҳимоялаш билан боғлиқ ташкилий чораларни кўриш, санитария-гигиена ва дезинфекция воситалари билан таъминлашлари талаб этилади.