ТОШКЕНТ, 9 янв - Sputnik. Ўзбекистонга 2021 йилда 1 млн 700 минг нафар хорижий сайёҳ ташрифини таъминлаш бўйича режа қилинган, дея маълум қилган АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.
Абдуҳакимовнинг айтишича, ўтган 2020 йилда мамлакатга 1 млн 504 минг турист келган ва уларга 261 млн долларлик хизмат кўрсатилган.
"Коронавирус пандемияси туфайли юз берган глобал инқироз натижасида мамлакатимиз туризми энг жиддий зарар кўрган соҳалардан бири бўлди. 2020 йилда жами 1 млн 504 минг турист ташриф буюрди. Бунда 261 миллион АҚШ доллари миқдорида туризм хизматини кўрсатдик", - деган Азиз Абдуҳакимов.
Таъкидланишича, 2021 йилда барча ишларни умумий рақамлар орқали эмас, аниқ режалар ва рейсма-рейс йўналиш бўйича батафсил ҳисоб-китоб асосида амалга оширилади. Хусусан, зиёрат туризмига кўпроқ эътибор қаратилади.
2021 йилда Ўзбекистонга 1 млн 700 минг нафар хорижий сайёҳ ташрифини таъминлаш бўйича режа қилинган.