ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ўзининг набираси Айсултан ўлимига изоҳ берди.
Елбаси бу ҳақда "Портретга чизгилар" ҳужжатли фильмининг учинчи қисмида сўзлаган.
"Уч нафар қизимдан ажойиб набираларим бор. Афсуски, шу йили (2020-йил, — таҳр.) набираларимдан бирини йўқотиб қўйдик, у жуда менга ўхшарди. Набирам дунёни жуда эрта тарк этганидан қаттиқ афсусланаман", — деган Назарбоев.
У, шунингдек, Айсултан турли давлатларда гиёҳвандликка қарши даволанганини айтиб ўтган.
"Уни ҳеч қаерга юбормаслик мумкин эди, аммо ушлаб туришнинг имкони йўқ эди. У бу ишнинг қулига айланиб улгурганди, тўхтата олмасди ўзини. Биз уни Москвада даволатдик, Лондонда даволатдик. Бир қарашда бу ишдан узоқлашгандек бўлардию, яна қайтарди", - деб қўшимча қилган Елбаси.
Айсултан Назарбоев 2020 йилнинг 16 августида 30 ёшида вафот этди.