ТОШКЕНТ, 4 янв — Sputnik. Самарқанд шаҳридаги 4-умумий ўрта таълим мактаби қозонхонасининг иситиш тизимида чақнаш содир бўлди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Ҳодиса 2021 йилнинг 2 январь куни тахминан соат 00:20 да содир бўлган. Чақнаш натижасида мактабнинг қозонхона назоратчиси 50 ёшли Ҳ. тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд вилоят бўлимига ётқизилган.
Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай бемор шифохонада вафот этган.
Ҳодиса юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.