Ўзбекистон тарихида илк бор қор полоси бўйича баҳс ўтказилди

“Амирсой” дам олиш масканида қор полоси бўйича беллашув бўлиб ўтди. Ушбу баҳс денгиз сатҳидан 1820 метр баландликда ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 янв — Sputnik. Бўстонлиқ туманидаги “Амирсой” дам олиш масканида қор полоси бўйича беллашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар қилмоқда.
Ўзбекистон поло федерацияси томонидан ташкил қилинган ушбу тадбирда МОҚ бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон поло, замонавий бешкураш ҳамда йилқичилик ва от спорти федерациялари раиси Баҳромжон Газиев, шунингдек, бир қатор спорт федерация ва ассоциациялар мутасаддилари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Таъкидланишича, ушбу баҳс денгиз сатҳидан 1820 метр баландликда ўтказилди. Қизиқарли курашларга бой бўлган “Universal jumping” ҳамда “Амирсой” жамоалари ўртасида баҳс 5:2 ҳисобида от спорти клуби вакилларининг фойдасига ҳал бўлди.
Беллашувни халқаро тоифадаги ҳакам Зири Абдул Камол бошқариб борди. “Амирсой” жамоаси шарафини Миллий Гвардия қошидаги от спорти бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби спортчилари ҳимоя қилишди.
Қор полоси илк бор 1985 йил Швейцариянинг Санкт-Морриц шаҳрида музлаган кўл устида ташкил қилинган эди. Ўшанда ўйин кўпчиликда катта қизиқиш уйғотгач, қиш фаслида ҳам поло баҳсларини ташкил қилиш анъана тусига кира бошлади. Ҳозирда Америка, Европа ва Осиё қитъаларида қор полоси учрашувлари ўтказиб келинади.