ТОШКЕНТ, 3 янв — Sputnik. Қамчиқ довонида 1 январга ўтар кечаси йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. ЙТҲ оқибатида икки киши қурбон бўлди. Бу ҳақда Наманган вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
ЙТҲ 31 декабрь куни соат 23:00 ларда А-373 Тошкент–Ўш йўлининг Поп тумани “Қўшминор” МФЙ ҳудудидан ўтувчи 258-километрида содир бўлган. Тошкент—Қўқон йўналиши бўйича “Chevrolet Gentra” русумли автомашинасини бошқариб келаётган 24 ёшли фуқаро ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган “Chevrolet Gentra” автомашинасининг орқа чап томон қисмига урилиб кетган.
Натижада олдиндаги “Chevrolet Gentra” автомобили йўл четига чиқиб кетиб, қияликка ағдарилиб кетган. Ҳайдовчининг автомашина салонида бўлган 1986 йилда туғилган турмуш ўртоғи ва 2017 йилда туғилган қизи олган тан жароҳати оқибатида шифохонада вафот этган.
Ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Кун.уз нашрининг аниқлик киритишича, ЙТҲ оқибатида вазир ўринбосарининг рафиқаси ва 3 ёшли қизи вафот этган, амалдорнинг ўзи тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати нашрга маълум қилишича, ЙТҲга учраган вазир ўринбосари Воҳид Аҳмаджонов бўлиб, у шахсий автомобилида ҳаракатланган ва оиласи билан Янги йил байрамини нишонлаш учун водийга кетаётган бўлган.