Ўзбекистонликлар сохта медсправка билан Россияга учиб бориб, аэропортда қолиб кетишди

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан кўплаб фуқаролар улардан авиачипта билан бирга сохта тиббий маълумотномани сотиб олиб Россияга учиб борган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 31 дек - Sputnik. Россия Федерацияси ҳудудига кириши рад этилганлиги сабабли бир гуруҳ ўзбекистонликлар Шереметьево аэропортининг транзит ҳудудида бўлиб тургани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалди.

Ўзбекистонликлар Россияга киритиб қўйишни таклиф этаётганлардан огоҳлантирилди

Маълум бўлишича, Ўзбекистондаги баъзи авиачипта сотувчилари томонидан Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагидаги кўплаб фуқароларга сохта тиббий маълумотномалар билан Россия ҳудудига олиб кириб қўйиш таклиф қилинган. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан кўплаб фуқаролар улардан авиачипта билан бирга сохта тиббий маълумотномани сотиб олиб Россияга учиб борган.

Шереметьево аэропорти чегара хизматлари ходимлари томонидан йўловчилар ҳужжатларининг ҳақиқий эмаслиги маълум бўлгач, уларга мамлакат ҳудудига кириш рад этилган.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ва Ўзбекистоннинг ушбу давлатдаги элчихонаси масъуллари фуқароларни олиб келган Россия авиакомпаниялари билан учрашиб, мазкур ҳолат юзасидан изоҳ сўраган. Авиакомпаниялар вакиллари Россия Федерацияси чегарасини кесиб ўтиш қоидалари ва амалдаги чекловлар тўғрисида фуқаролар хабардор қилинганини ҳамда йўловчиларнинг мамлакатга киришининг рад этилишида ҳеч қандай мажбурияти йўқлигини маълум қилган.

Рус тилини билмайдиган мигрантларга сохта сертификат берадиганлар катта жарима тўлайди

Айни пайтда Россияга сохта ҳужжатлар билан ноқонуний борган фуқаролар Ўзбекистонга қайтарилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, пандемия муносабати билан чет эл, шу жумладан Ўзбекистон фуқароларининг Россияга кириши бўйича жорий этилган чекловлар ҳали бекор бўлмаган.

Шу ўрнида, Ташқи миграция агентлиги Россиянинг ваколатли расмий органлари билан алоқалари борлиги ва шу сабабли ушбу давлат ҳудудига олиб кириб қўйишни ваъда қилиб, турли сохта ҳужжатлар тайёрлаб берётган шахсларга ишонмасликни тавсия қилмоқда.

Пандемия даврида фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Россиянинг йирик иш берувчилари билан ҳамкорликда юртдошларимиз ушбу давлатга ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб этилмоқда.

Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилишингиз мумкин.