Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлиси 6 январ куни чақирилади

Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар шулар жумласидан.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 31 дек - Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисини 2021 йил 6 январь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Сенат 2021 йил учун Давлат бюджетини маъқуллади

Бу ҳақда Сенат матбуот-хизмати хабар қилмоқда.

Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, "Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида"ги, "Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама қилиниши назарда тутилган.

Шу билан бирга, Кенгаш мажлисида Олий Мажлис Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси фаолиятини самарали ташкил этиш, қолаверса, Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасида доимий асосда ишлайдиган сенатор А. Тўйчиевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси кузатувчилар миссияси таркибида Қирғизистон Республикаси Президентлигига муддатидан олдин бўлиб ўтадиган сайловда иштирок этиши тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди ҳамда тегишли қарор қабул қилинди.