Ўзбекистонликлар Россияга киритиб қўйишни таклиф этаётганлардан огоҳлантирилди

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларни Россияга кириши учун рухсат олиб бериш бўйича таклиф этилаётган хизматлар ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 дек — Sputnik. Россияга Ўзбекистон фуқароларининг индивидуал тарзда киришига рухсат йўқ. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълум қилди.

Россияга кимлар ва қандай қилиб киришлари мумкин?

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларни Россияга кириши учун рухсат олиб бериш бўйича таклиф этилаётган хизматлар ҳамда Ўзбекистондан Россияга бориб, мамлакатга киритилмаётган фуқаролар ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Ташкиллаштирилган тартибдаги меҳнат миграциясининг устуворликлари нимада?

Коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан жорий йилнинг март-апрель ойларидан бошлаб халқаро қатновлар, шу жумладан, Ўзбекистон ва Россия ўртасида мунтазам авиақатновлар вақтинча чекланган. Чет эл фуқароларининг Россияга кириши бўйича Россия Ҳукуматининг 2020 йил 16 мартдаги N 635-р–сонли фармойиши билан қатор чекловлар жорий этилган.

“Айни пайтда айрим тоифадаги фуқаролардан ташқари юртдошларимизнинг индивидуал тарзда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадида Россия ҳудудига киришига рухсат йўқ. Фақатгина Россия Ҳукуматининг коронавирусга қарши штаби томонидан чегара хизматларига тақдим этилаётган рўйхат асосида ташкилий тарзда ишга юборилаётган шахслар ушбу мамлакатга киритилмоқда”, - дейилган хабарда.

Маълум қилинишича, ҳозирда Россия ҳудудида ишлаш истагидаги фуқароларни пандемия ва ундан кейинги даврда ташкиллаштирилган ҳолда кириш жараёнларини соддалаштириш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Россиядаги ўзбекистонликларни ноқонунийлар сафидан чиқариш бўйича иш олиб борилмоқда

Ушбу вазиятдан фойдаланиб, айрим шахслар томонидан фуқароларни турли асоссиз хабарлар билан чалғитиш ва фирибгарлик орқали пул топишга уриниш ҳолатлари юз бермоқда.

“Шу ўринда юртдошларимиздан Россия Федерацияси ҳудудига олиб кириб қўйиш хизматларини таклиф этаётган шахсларга ишонмасликларини ва турли йўллар билан ушбу мамлакатга ноқонуний кириб боришга уринмасликларини тавсия қиламиз”, - дея огоҳлантирган агентлик.

Агентлик турли сохта ҳужжатлар чегараларни кесиб ўтишга уриниш Ўзбекистон ва Россия қонунларига кўра, жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши мумкинлигини эслатган.