ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. 29 декабрдан Тошкентда ЙПХ ходимлари синов тариқасида янги намунадаги замонавий, технологик матодан тайёрланган хизмат кийимида фаолият олиб боради. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.
Хизмат кийими йилнинг совуқ мавсумига мўлжалланган бўлиб, ёғингарчиликдан ҳимоя қилувчи материалдан тикилган. Ёрқин ранг ва ёруғлик қайтарувчи элементлари инспекторларни куннинг исталган вақтида кўзга яхши ташланишига хизмат қилади.
Шунингдек, ЙПХ ходимлари фонар ва ҳуштакка эга янги жезллар билан таъминланган. Синов муваффақиятли ўтса, янги хизмат кийими билан Ўзбекистондаги барча ЙПХ ходимлари таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, 12 февралдан бошлаб Тошкент шаҳрида ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ЙПХ ходимларининг янги формаси тажриба тариқасида синовдан ўтказилаётгани хабар қилинган эди.