Россиядаги ўзбекистонликларни ноқонунийлар сафидан чиқариш бўйича иш олиб борилмоқда

Россия ИИВ келтирган рақамларга кўра, 490 мингга яқин Ўзбекистон фуқаролари ҳозир ҳам нолегаллар сафида.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 дек — Sputnik. Россиядаги ноқонуний ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини қонунийлаштириш борасида иш олиб борилмоқда. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар қилмоқда.

Бандлик ва меҳнат вазирининг йил якунига бағишланган журналистлар билан учрашувида вазир ўринбосари Эркин Муҳитдинов ҳозирда Россияда 490 минг нафарга яқин мамлакат фуқаролари ноқонунийлар сафида эканини маълум қилди.

Муҳитдиновнинг сўзларига кўра, яқинда 50,7 минг нафар Ўзбекистон фуқаролари ҳужжатларини расмийлаштириб, патент олган ва “нолегаллар” сафидан чиқарилган. Бунда Россиядаги элчихона ва консулликлар олиб борган ташвиқотлар ёрдам берган. Фуқароларга Россияда бўлиш тартиби узайтирилгани ва ноқонуний бўлиб турганлар бўлишларини қонунийлаштиришлари мумкинлиги тушунтирилган.

“Россия ИИВ келтирган рақамларга кўра, 490 мингга яқин фуқароларимиз ҳозир ҳам нолегаллар сафида. Уларни ҳам легаллаштиришимиз керак. Бу борада иш олиб боряпмиз. Энди сал бошқача иш қиламиз. 490 минг нафарнинг рўйхатини оламиз. Бу ерда иш қиламиз”, - деди вазир ўрибосари.

Унинг таъкидлашича, Россияда ноқонуний бўлганлар яшайдиган ҳудуд, вилоят, маҳаллаларга борилади. Ота-оналарга фарзандлари Россияда ўзларини қонунийлаштириши мумкинлиги тушунтирилади. Кейин улар қаерга бориши кераклиги ва манзиллар айтилади. Шу тариқа уларни ҳам нолегаллар сафидан чиқариш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Россияда коронавирус пандемияси туфайли мигрантларнинг вақтинчалик бўлиш муддати 2021 йилнинг 15 июнига қадар узайтирилган. Шу вақт мобайнида ноқонуний бўлган чет элликлар ИИВ миграция масалалари бўйича бошқармаларига мурожаат қилиб, янги регистрация учун ҳужжат топшириши мумкин. Кейин патент расмийлаштириши мумкин. Бунда улар фақат бир неча минг рубль жаримага тортилади, холос. Путиннинг ушбу фармони ўз кучини йўқотган кейин ноқонуний юришда давом этганларни кейинчалик мамлакатдан чиқариб юборишлари мумкин.