Президент 2021 йил учун Давлат бюджетини тасдиқлади

2021 йил учун Ўзбекистон Давлат бюджети тўғрисидаги қонун президент томонидан имзоланди. Қонунда асосий кўрсаткичлар белгиланган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 дек — Sputnik. Давлат бюджети тўғрисидаги қонун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.

Қонунда қуйидаги асосий кўрсаткичлар белгиланмоқда:

  • 2021 йилда республика ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 5,1 фоизни ташкил қилган ҳолда 688,9 трлн. сўмга етиши прогноз қилинмоқда;
  • Коронавирус пандемияси давом этаётган бир пайтда фуқароларни ижтимоий қўллаб қувватлашни давом эттириш, иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида, 2021 йил учун Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари баланси кутилаёталаётган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиз миқдорида тақчиллик билан шакллантирилган;
  • Бунда, Давлат бюджети даромадлари 147,2 трлн. сўм, харажатлари эса Давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 165,8 трлн. сўм миқдорида;

Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 26,2 трлн. сўм миқдорида, харажатлари эса 40,7 трлн. сўм миқдорида режалаштирилмоқда. Давлат мақсадли жамғармаларининг тақчиллиги Давлат бюджетидан трансфертлар ажратиш орқали қопланиши кўзда тутилган.

Давлат бюджети 2021: қайси соҳалар ижтимоий харажатлари оширилди

Хусусан, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси даромадлари 23,5 трлн. сўм, харажатлари 36,5 трлн. сўмни ташкил этган ҳолда Давлат бюджетидан 14,7 трлн. сўм миқдорида трансферт ажратилиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг тушумлари 5,3 трлн. сўмни харажатлари эса 13,4 трлн. сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Ушбу жамғарманинг тақчиллиги жамғарманинг йил бошига қолдиқ маблағлари ҳисобидан қопланиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, 2021 йилдан бошлаб Давлат бюджетининг қамровини ошириш ҳамда тўлиқлигини таъминлаш мақсадида, Ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларига амалга оширилиши режалаштирилаётган 12,1 трлн. сўм миқдоридаги харажатлар Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети таркибига киритилган.

2021 йил учун Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг юқори чегараси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4 фоиз миқдорида белгиланмоқда.

Ушбу қонун 2021 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

Қонуннинг тўлиқ матни билан қуйида танишиш мумкин.