ТОШКЕНТ, 27 дек — Sputnik. Аҳолининг 70 фоизида коронавирусга қарши иммунитет шакллантира олинса, пандемияни енгса бўлади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, коронавирусга қарши вакциналарнинг яратилиши қанчадан қанча одамларни ушбу касалликка чалинишдан сақлаб қолиш имкониятини беради.
“Фикримча, агар аҳолининг 70 фоизида иммунитетни шакллантира олсак (эмлаш орқали ёки касалланиш оқибатида) демак, биз пандемияни жиловлай оламиз, аниқроқ айтсак, биз уни енгамиз”, - деди Отабеков.
Мутахассиснинг фикрича, мутацияга учраган вируснинг пайдо бўлиши эндиликда эмлашнинг бефойда эканлигини билдирмайди. Бугунги кунга қадар ишлаб чиқилган вакциналарнинг аксарияти коронавируснинг боғловчи оқсилларини кодлайди. Демак, эмлаш тадбирлари амалга оширилгандан кейин ҳатто мутант-вирус билан касалланган тақдирда ҳам беморнинг иммун тизими ҳаракатга келади ва қувонарлиси, амалдаги иммун тизимини енгиб ўта оладиган даражада протеинларини ўзгартириши учун вирус бир қатор мутациялардан ўтиши шарт бўлади.
У фуқароларга грипп касаллиги вируслари ҳам тез-тез мутацияга учраши сабабли вакцина ҳар фаслнинг бошида янгиланиб турилиши ва шу йўл билан эмлаш самарадорлигига эришилишини эслатган.
“Бунинг учун коронавирусга қарши вакциналарни ҳам келгусида янгилаш керак бўлиши мумкин. Aммо пандемия даврида жамланган маълумотлар ва яратилган ишлаб чиқариш манбалари, шубҳасиз кейинчалик аҳолини унчалик қиммат бўлмаган ва сифатли вакцина билан мунтазам таъминлаш имконини беради”, - дея хулоса қилди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари.